БИР ФИНЖОН ҚАҲВА веб-камеранинг яратилиши ва оммалашувига сабаб бўлган

(Ma’rifat 2015.16.12. №100 (8853)

“Энг муҳим ва тез ҳал бўлиши талаб қилинадиган ишларни, энг ялқов ходимларимга топшираман. Улар масалани ечишнинг энг қисқа йўлини ўйлаб топишади”, деган эди Билл Гейтс. Тарихдан маълумки, кўпгина кашфиётлар инсонларга қулайлик туҚдириш мақсадида ихтиро қилинган. 1990 йили иккинчи қаватга чиқишга эринган тадқиқотчилар ўзларига енгиллик яратиш мақсадида муҳим бир янгиликка қўл уришди… Бу ҳақда сал ке­йинроқ тўхталамиз.

Тоғаларимнинг йигитлик бурчини адо этиш учун армияга отланган йиллари мактаб даврларимга тўғри келган. Ўшанда барча яқин қариндошларимиз қатори мен ҳам «оқ йўл» тилагани вокзалга борардим. Энг қизиғи, ёнига яқинлаша олмай, тоғаларим билан зимдан хайрлашиб турганларга ҳам кўзим тушарди. Деярли ҳаммасида битта манзара такрорланарди: панароқда кўнгил қўйган қизи рўмолининг бир учини тишлаб кўз ёш тўкиб турарди, тоғаларим ҳам уларга қараб-қараб, кўз қисиб қўярди.

Қариндошлар дуога қўл очиб, аскарнинг ой бориб омон қайтишини тилашар, ота ўғлини қайта-қайта бағрига босиб, бир нарсаларни қулоғига қуяр, қўлида бир чети кемтик нонни ушлаган она бечоранинг жавдираганча фарзанди ёнидан нари кетгиси келмасди. Иложи бўлса-ю, ўзи ҳам қўшилиб кетса ва боласининг иссиқ-совуғидан хабар олиб юрса.

Поезд “Қани азаматлар, кетдик”, дегандек пишқиргач, сочлари қиртишлаб олинган йигитлар йўлхалталарини елкасига ташлаб вагонларга чиқарди. Ҳамма яна бир бор дуога қўл очар ва темир карвон жойидан аста қўзғалгач, қўл силтаб, “Тез-тез хат ёзиб тур, биз ҳам жўнатамиз”, дея такрорларди.

Шу-шу, аскарлар билан хат орқали хабарлашиб туриларди. Мен ҳам аксарият жиянлар қатори ўзимнинг соғинчли саломимни тоғаларимга жўнатардим. Мактуб юбориш-ку ўз йўлига, аммо жавоб хати кутишнинг завқи бошқача эди. Баъзан ойлаб кутардик. Айрим вақт­ларида жавоб хатининг кечикиши бизни хавотирга солар, шундай пайтлари эртакларда кўп бор эшитганимиз – сеҳрли кўзгумиз бўлишини, узоқдаги қариндошларимиз билан у орқали гаплашишни истардик. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир сафар “Тез кунларда уйга қайтаман”, деб хат юборган амаким номасидан олдин етиб келган.

Тарихга назар ташласак, хатлар дастлаб учқур отларда етказиб берилган. Аммо уларнинг манзилига эсон-омон етиб боришига, хавфсизлигига ҳеч қандай кафолат бўлмаган. Ўша пайтлари «Гап шляпада» деган ибора пайдо бўлган экан. Чунки нотинч замонларда босқинчилардан ҳимоя қилиш мақсадида чопарлар махфий номаларни шляпаси астарига солиб тикиб, керакли жойга етказган. Маълумот алмашишда кабутарлар ёрдамидан ҳам фойдаланилган бўлиб, улар унча узоқ бўлмаган ҳудудларга хат ташишган. Кема ва самолётларнинг пайдо бўлиши хатларни уммонлар оша дунёнинг нариги бурчагига етказиб бериш имконини яратди. Шундай бўлса-да, хатнинг етиб келиши учун анча-мунча вақт талаб қилинган.

ХХ аср охирида интернетнинг турмуш тарзимизга оммавий равишда кириб келиши аста-секин бу муаммоларни бартараф этди. Нафақат хат ташиш, балки унга алоқаси бўлмаган кўплаб муаммоларга ҳам ечим топилди. Маълумки, охирги пайтларда турли ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш жадал ривожланиб бормоқда. Ёзган хатингиз сониялар ичида керакли одамга етади. Интернетдаги ахборот сайт­лари орқали дунёнинг исталган нуқтасида содир бўлаётган воқеалардан сония ўтар-ўтмай хабардор бўлиш, спорт мусобақалари ва бош­қа янгиликларни вақтида кузатиб бориш имкони туғилди. Шунингдек, бирор супермаркетга маҳсулот буюртма бериш, жойлардаги банкоматлар орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш – кечагина бу имкониятлар биз учун шунчаки орзу эди. Бугун эса давлат ва хусусий корхоналар, клуб ва терма жамоалар, шахсий ва ҳукумат веб-саҳифалари яратилиб, улардан зарурий маълумотларни тезкор олиш ва алоқа қилиш имкониятидан барча фойдаланмоқда.

Сўнгги пайтларда илм-фан шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бир ижодкор айтганидек, «Одамзод омочдан тракторгача бўлган йўлни 6000 йилда босиб ўтган бўлса, трактордан космик кемагача бўлган вақт учун 60 йил кифоя қилди”. Илм-фаннинг шиддат билан тараққий этиши инсонларга кўпгина қулайликлар яратиш билан бирга, таҳликага ҳам солиб қўймоқда. Тиғ билан жарроҳлик ўтказиб, беморнинг дардига шифо бўлиш ҳам, аксинча, рақибнинг кўксига санчиб, маҳв этиш ҳам мумкин, деган гап бежиз айтилмаган. Кашфиёту ихтиролар ҳам инсоннинг унга қандай мақсадда ёндашувига боғлиқ.

Инсоният узоқ йиллик изланишлари натижасида нималарни ўйлаб топмади дейсиз? Ўтган асрнинг 90-йилларида, яъни дунёда ижтимоий тармоқнинг ривожлана бошлаган палласида Кембриж компьютер лабораториясининг бир гуруҳ тадқиқотчилари, яъни 15–20 чоғли олим тармоқни ривожлантириш бўйича илмий изланиш олиб боришди. Энг қизиғи, уларга қаҳва ичиши учун битта қаҳва қайнатгич ажратилганди. У ҳам лаборатория жойлашган хонанинг юқори қаватида бўлиб, қаҳва ичиш учун сув қўйиб, қайнатиш ва қаҳвани ўша ерда дамлаб, кейин пастга олиб тушиш лозим эди. Аммо қаҳва тайёр бўлган-бўлмаганидан хабар олиб туриш тадқиқотчиларнинг вақтини ўғрилар, қолаверса, юқори қаватга ҳадеб қатнайвериш ёқмасди. Бу муаммонинг ечими топилди.

Лабораториядаги компьютерларнинг бирида видеокузатув мосламаси бў­либ (frame grabber), тадқиқотчилардан бири у орқали қаҳва тайёр бўлган-бўлмаганини билиш учун веб-камера ўрнатиш ғоясини илгари сурди. Айнан шу ғоя махсус ёзув билан таъминланган веб-сервер пайдо бўлишида муҳим роль ўйнади. Қаҳвахўр тадқиқотчилар ўз компьютерларини ушбу компьютер серверига улаб, монитор орқали қаҳва тайёр бўлганини аниқлаш имконига эга бўлишди. Бу янгилик «Соmm-Week» журналининг 1992 йил 27 январь сонида эълон қилинганда катта шов-шувга ҳам сабаб бўлди.

Бугун веб-камера ёрдамида жуда кўплаб сирлар, жиноятлар фош этилмоқда. Видеокузатувлар йирик корхоналар, муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий аҳамиятга эга объектларни ишончли қў­риқлаш ва кузатиш имконини берди. Видеоёзув орқали барча бўлиб ўтган воқеаларни кейинчалик ҳам қайта кўриш ва таҳлил қилиш мумкин.

Тошкент шаҳри кўчаларига ўрнатилаётган камералар эса йўл патруль хизматчилари учун кенг қулайликлар яратиши кутилмоқда. Бундан ташқари, веб-камера ёрдамида жонли видеоконференция тарзида мулоқот қилиш усули ҳам одамлар орасида жуда тез оммалашмоқдаки, қўл телефонингиз, ишхонангиз ёки уйингиз-даги компьютерингизга «Skype», «Yahoo Mes­senger», «ooVoo» каби дастурларни ўрнатсангиз бас, дунёнинг исталган нуқтасидаги танишингиз билан жонли видеомулоқотга киришасиз.

Кўча-кўйда юрганингизда айрим одамларнинг телефон веб-камерасига қараб имо-ишора ёрдамида сўзлашаётганига гувоҳ бўласиз. Видеоалоқа, айниқса, эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлганлар учун жуда қулай. Бугун шундай – имконияти чекланган одамларнинг деярли барчасида веб-камерали телефонлар бор. Улар бир-бири билан имо-ишора ёрдамида суҳбатлашади. Статистикага мурожаат қилинса, дунё­нинг кўпгина мамлакатларида айнан эшитиш ва гапиришида нуқсони борлар веб-камерадан кўпроқ фойдаланиши аён бўлади. Ривожланган мамлакатларда эшитишида нуқсони бўлган инсонлар хонадонида телевизор устида веб-камерали махсус ускуна мавжуд бўлиб, хоҳлаган корхона ва ташкилот билан алоқа қи­лиш имконияти мавжуд. Бунинг учун телевизор пульти ёрдамида керакли рақамни териб, сурдотаржимонга мурожаат қиласиз ва сурдотаржимон сизга керакли рақамни териб, дейлик, «Тез тиббий ёр­дам» машинасини чақирмоқчи бўл­сангиз, 103 рақамини териб, имо-ишора ёрдамида керакли маълумотни етказади. Улар бу имкониятлардан фойдаланса, бош­қа кишилардан ёрдам сўрашга ҳожат қолмайди.

Қолаверса, бугун кўпгина мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам катта конференциялар, матбуот анжуманлари, йиғилишлар веб-камера ёрдамида видеомулоқот тарзида олиб борилмоқда. Бу, айниқса, олис вилоятларда ишлаётган масъул ходимларнинг марказий идорага келмасдан ишларнинг бориши ҳақида маълумот беришида қўл келади. Қолаверса, веб-камералар худди ёнма-ён ўтириб суҳбатлашгандек таассурот ҳам уйғотиши мумкин.

Яна юқоридаги воқеаларга қайтамиз. Бугун замон ва имкониятлар ўзгача. Ватанимиздан олисда ёки уйидан йироқда ишлаётган, ўқиётган юртдошларимизга ота-оналари, яқинлари хат ёзиб, ойлаб жавоб кутиб ўтиришига ҳожат йўқ. Доимий ҳамроҳи – қўлтелефонининг веб-камераси ёрдамида ёнма-ён тургандек гаплашади, соғинчи тарқалади, фарзандининг соғ-омонлигига ишонч ҳосил қилади.

Author: mamur

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan