ЖАҲОН ЧЕМПИОНИНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ кучли шахматчиларни камолга етказиш

(Ma’rifat 2013.4.12. №96 (8641)

 Жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳар бир спортчининг энг катта орзуси, унда ғалаба қозониш ёки совриндор бўлиш бу – мўъжиза! Бунинг ортида қанчадан-қанча меҳнат ва машаққат ётишини ҳар бир спортчи яхши тушунади. 2004 йили ўн тўрт ёшида Германиянинг Маленте шаҳрида ICSC (international committee of silent chess) таснифида ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида олтин, 2005 йили Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ICSC (international committee of silent chess) таснифида катталар ўртасида 2-Осиё чемпионатида бронза ҳамда 2008 йили Швейцариянинг Санкт-Галлен шаҳрида ICSC (international committee of silent chess) таснифида ўсмирлар ўртасида яна бир бор олтин медални қўлга киритиб, 2 карра жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлган Сирожиддин Зайниддинов ҳам бундай ютуқларни ўз иқтидори, меҳнати ва машаққати туфайли қўлга киритган.

Чунки Сирожиддин Зайниддинов тўрт мучаси соғлом тенгдошларидан кўра қатъият билан ҳаракат қилди. Боиси, у 3 ёшида эшитиш қобилиятидан айрилди. Ота-онаси ўғлининг тенгдошларидан ажралиб, ўйга толиб келишини кўриб хавотирга туша бошлаган ва таниқли табиб ҳамда шифокорларга кўрсатган, аммо фойдаси бўлмаган. 4-5 ёшидан шахматга қизиқиши кучлилигини пайқаган отаси Савронбек ака Зайниддинов ўғлини ушбу спорт тури билан жиддий шуғуллантира бошлайди. Кейинчалик танишларининг маслаҳати билан Сирожиддинни Тош­кентдаги 106 ­­бола­лар махсус мактаб-интернатига олиб келади. Қаҳрамонимиз уш­бу мактабда тез орада энг намунали ўқувчилардан бирига айланади. Дарсдан бўш пайтлари Эргаш Мажидов, Георгий Борисенко (марҳум), Рашид Зиятдинов каби шахмат усталари ҳузурига отаси Савронбек ака етаклаб, бу спорт турини чуқурроқ ўрганишига шароит яратган. Шахмат бўйича мамлакат ва хал­қаро миқёсдаги турнирларда кетма-кет муваффақиятларга эриша бошлаган Сирожиддин 2004 йили Германияда ICSC (internati­onal committee of silent chess) таснифида ўсмирлар ўртасида жаҳондаги 28та давлатдан келган шахматчилар ўртасида илк бор жаҳон чем­пиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Ўша йили Юртбошимиз Ислом Каримов Сирожиддин Зайниддиновга табрик хати йўллаб, сўнгги русумдаги компьютер совға қилади. Хатни ўқиб ҳаяжонланган қаҳрамонимиз тинмай меҳнат қилиб, ўз олдига жиддий мақсадларни қўя бошлади ва ниҳоят Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида катталар ўртасида уюштирилган 2-Осиё чемпионатида бронза медали билан тақдирланди. Аммо бронзадан қониқмаган Сирожиддин 2008 йили Швейцарияда ўтадиган нав­батдаги жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўра бошлади ва ушбу мусобақа олдидан Юртбошимизнинг илк бор жаҳон чемпиони бўлган пайтида юборган табрик хатидаги «Агар одам ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, бу йўлни қийинчилик ва сабот билан енгиб, қатъият билан олға интилса, ҳеч шубҳасиз, кўзлаган марраларига, албатта, етади» деган сўзларидан руҳланиб, иккинчи бор жаҳон чемпиони деган номга эриш­ди. Сирожиддиннинг қўлга киритган ютуқлари инобатга олиниб, ўша йили 28 август санасида Президент фармонига асосан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

 

– Меҳнатларимни қадр­лаб, ушбу мукофот билан тақдирлагани учун Юртбошимиздан миннатдорман. Келажакда катталар ўртасида бўладиган навбатдаги жаҳон чем­пионатида мамлакатимиз байроғини баланд кўтариб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан ҳамда юртимизда шахмат ривожига ўз ҳиссамни қўш­моқчиман, – дейди Сирожиддин.

У 2011 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига имтиёзли қабул қилиниб, айни пайтда ушбу университетнинг жисмоний маданият йўналиши бўйича 3-курсида таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, у Сергели туманида жойлашган «Спорт – дўстлик – ғалаба» шахмат мактабига асос солди. Бу ерда синглиси Сабоҳат Зайниддинова билан болажонларга шахмат сирларини ўргатиб келади. Шахмат мактаби ёш болалар билан доимо гавжум. Ҳатто 5 ёшли болаларнинг ҳам шахмат бўйича FIDE спорт устаси Сирожиддин Зайниддиновдан мот қилишнинг ўзига хос сирларини ўрганаётгани қувонарли. Болаларга хос қизиқтириш ва усуллар билан ақл чархининг минг бир йўлларини кўрсатиб бераётгани, бунда ўзидаги қатъиятни митти «ра­қиб»лари қалбига кўчираётгани, чемпионнинг олдига қўйган мақсади таҳсинга сазовор. Чунки жаҳон чемпиони ушбу мактабдан ўзидек кучли чемпионлар чиқишини ният қилган.

Дарвоқе, шу йилнинг 19–26 июнь кунлари Эронда шахмат бўйича олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида учта олтин медални қўлга киритган олти ёшли Исломбек Синдоров ҳамда кумуш медални қўлга киритган унинг акаси саккиз ёшли Жавоҳир Синдоровлар 17–29 декабрь кунлари БААда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишган. Қувонарлиси, улар мазкур мактаб тарбияланувчилари эканлиги С.Зайниддинов меҳнатларининг самараси дейиш мумкин.

Сирожиддин камтар ва ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган инсон. Эшитишида нуқсони бў­лишига қарамай, отаси Савронбек аканинг қўл­лаб-қувватлаши, изланишлари ҳамда Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар туфайли бундай улкан ютуқларга эришиб келаяпти.

Навбатдаги мусобақаларда ёш спортчимизга омад тилаб қоламиз.

Author: mamur

1 thought on “ЖАҲОН ЧЕМПИОНИНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ кучли шахматчиларни камолга етказиш

  1. Assalomu alaykum men zaif eshituvchi sportchi Zayniddinov Sirojiddinman. Buni muallif uchun kattakon raxmat o‘qib xursand buldim. Siz UZSD.uz raxbari bizga yordam kerak edi. Qachon vaqtiz bulsa uchrashib maslahat gaplashishimiz kerak. Xabar kerak bulsa Nomerimni 909370622

Salomga fikr bildirish Javobni bekor qilish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan