Келажакни ўйлаган сардор

(Ma’rifat 2014.3.12. №97 (8746)

Бугун футболга қизиқмайдиган одамни топиш мушкул бўлса керак. Чунки футбол бошқа спорт турларидан қизиқарли ва томошабоплиги билан ажралиб туради. Эътиборлиси шундаки, имконияти чекланганига қарамай, футболни ҳаётининг мазмунига айлантирган юртдошларимиз ҳам кўплаб топилади.

Бир куни ўғлим билан метрополитен вагонига чиққандим, иккита бола дарров ўрнидан туриб, менга жой берди. Уларнинг имо-ишоралар орқали сўзлашидан билдимки, иккиси ҳам кар.

– Сиз футболчи Аҳмедовмисиз? – деб сўради улардан бири.

Ҳайрон бўлдим.

– Қайси Аҳмедовни айтаяпсиз? – дедим.

Ўша бола мени Ўзбекистон карлар миллий терма жамоаси аъзоси Ҳаким Аҳмедовга ўхшатганини айтди. Улар янглишганини билгач, кулиб «Мен бош­қасиман», дедим.

Моҳир футболчи, мустаҳкам иродали инсон сифатида ном қозонган Ҳакимни яхши биламан ва уни айрим ўртоқларим менга ўхшатишидан қувонаман ҳам. У бугун юртимиздаги барча кар ва соқов болаларнинг «юлдуз спортчи»сига айланган. Кўплаб имконияти чекланган ҳаваскор ёшлар унга тақлид қилади, катта ёшдагилар эса ҳурматини жойига қўяди. Ҳаким узоқ йиллардан бери карлар терма жамоасининг етакчи аъзосигина эмас, балки сардори сифатида ҳам сермаҳсул ўйин кўрсатиб келмоқда.

Ўқувчилик пайтларим футболсевар дўстларим билан ҳафтасига 3 марта машғулотларга қатнардим. Ўшанда Ҳаким билан танишганман. У 101-карлар махсус мактаб-интернатида ўқирди. Майдонда ҳам, кўчада ҳам фаоллиги ва камтарлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Ўзининг айтишича, 5 ёшидан  футболга қизиққан. Бунга Мурод акаси сабабчи бўлган экан. Уларнинг уйлари карлар маданият саройига яқин бўлгани учун акаси билан бирга тез-тез футбол ўйнаб турарди. Буни қаранг­ки, фалакнинг гардиши билан айни дамда акаси карлар миллий терма жамоасига бош мураббий этиб та­йинланган.

Ака-ука Аҳмедовларнинг Ўзбекистон карлар футболини дунёга танитишда ўрни катта. Жумладан, 2000 йили Тайванда ўтган Осиё чемпионатида Ўзбе­кистон карлар жамоаси фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Ўшанда гуруҳда непалликлар дарвозасига жавобсиз 28та гол киритилган бўлса, 12тасини айнан Ҳаким урган. Турнир якунигача эса рақиблар дарвозасини жами 18 маротаба ишғол этиб, «Энг яхши тўпурар»га айланганди. Бундан ташқари, 2001 йили шу жамоа Рим шаҳри(Италия)да бўлиб ўтган Жаҳон карлар сурдлимпияси йўлланмасини ҳам қўлга киритди. Италияда улар дунёнинг кучли 16 терма жамоаси орасида 9-ўринни банд этганди.

2011 йили Кореянинг Чангвон шаҳрида кечган Осиё чемпионатида юртдошларимиз Эрон, Япония, Жанубий Корея ва Таиланддан ке­йин 5-ўринни эгаллаб, 2012 йили Туркияда ўтказиладиган карлар ўртасидаги мундиалга йўлланма олди. Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этишди.

Яқинда Ҳаким билан учрашиб, болалик хотираларимиз билан ўртоқлашиш, вақти бўлса, бироз футбол ўйнаш истагида Ўзбекистон карлар маданият саро­йига бордим. У майдонда бор эътиборини ёш шогирдларининг машғулотларига қаратган экан.

– Сўнгги пайтларда карлар маданият саройида бошқа спорт турларига қараганда футболга қизиқиш юқори, – деди у вазиятни тушунтираркан. – Ёш футболчилар узоқ вилоятларда яшасалар ҳам, пойтахтга келиб, акамдан футбол сирларини ўрганишади. Ватанимиз довруғини янада дунёга таратиши учун терма жамоани кучайтириш, навқирон авлод вакилларини жалб этган ҳолда таркибни ёшартириш жуда муҳим. Шу боис акамнинг ёнига кириб, қўлимдан келганича ёрдам бераяпман.

Ҳа, Ҳаким ҳам худди акаси сингари футболимизнинг нафақат бугуни, балки эртаси – порлоқ келажаги учун қайғурмоқда. Бу каби руҳи тетик, қалби қайноқ, ҳаётсевар спортчи-мураббийлардан кўплаб эзгу ишларни кутиб қоламиз.

Author: mamur

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan