КОХЛЕАР ИМПЛАНТАЦИЯСИ эшитиш қобилияти тикланишига ёрдам беради(ми?)

(Ma’rifat 2014.29.11. №96 (8745)

 Биринчи синфда ўқирдим. Синфдошим Лобарни фаоллиги ва аълочилиги учун синф сардори этиб тайинлашди. Ўқитувчимиз Эломон Бўлишев Янги йил байрамидан кейин синф сардори бўлишимни айтди. Аммо байрамга яқин касал бўлиб қолдим. ОҚриётган тишимни олдирганимдан икки кун ўтиб мазам бўлмай, ётиб қолдим. Онамнинг айтишича, ўша куни эрталаб кўзимни оча олмабман. Мени дарров шаҳар шифохонасига олиб боришибди. Муолажалардан сўнг ўзимга келган бўлсам-да, ўрнимдан туришга ҳолим йўқ, бошим айланарди. Онам кўзида ёш, мендан ҳол-аҳвол сўраб нималардир деди… Мен эса ҳеч нарсани эшитмасдим…

Бир неча кундан кейин аста-секин ўрнимдан туриб, юра бошладим. Шифокорларнинг маслаҳати билан Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг ЛОР бўлимида даволанишни давом эттирдим. Соғлигим тикланиб, аҳволим яхшиланди, аммо эшитмаслик муаммоси менга азоб бера бошлади. Уйдагилар маслаҳатлашиб, Москвада даволатишди, барибир фойдаси бўлмади. Раҳматли Тиловмурод бобом табибларга олиб борар, ундан ҳам бир наф чиқмасди.

Кунларнинг бирида ўқитувчим Эломон ака мактабга бормаётганим сабабини билиш учун уйимизга келиб, онамдан бўлиб ўтган воқеани эшитгач, ўқишга бораверсин, уни биринчи партага ўтқазамиз, у билан ўзим алоҳида шуғулланаман деди. Мактабга бордим, аммо бундай ҳолатда ўқиш жуда оғир эди. Чунки ҳеч нарсани эшитмасдим, ёзувдан кўриб, лаб ҳаракатларидан тушуниб олишга кўникиш анча вақт талаб этарди. Кунларнинг бирида онамга қўшнимиз Рихси опа ўғли Дилшоднинг Тошкентда ўқиётгани, пойтахт­да кар болалар учун махсус мактаб-интернат борлиги, унда барча шароитлар яратилганини айтади. Шундай қилиб, Тошкент шаҳридаги 102-заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернатида 2-синфдан ўқий бошладим.

Мол шохидан Кохлеар имплантигача

XIX аср бошларида эшитиш мосламаси сифатида заиф эшитувчилар мол шохидан фойдаланишган. Аёллар учун мўлжалланган мосламалар эркакларникидан чиройли гуллар тасвири туширилгани билан фарқ қилган. Аср ўрталарига келиб фан ва технология­нинг ривожи металл буюмларга ишлов бериш ва пластмасса маҳсулотидан кенг фойдаланишга туртки берди ва натижада эшитиш мосламалари ҳам такомиллашиб борди: уларнинг энг биринчи кўриниши катта ҳажмдаги карнай бўлиб, учига пластмасса шланг уланган. Мосламанинг бир томони гапириш, иккинчи томони қулоққа тиқиб эшитиш учун мўлжалланган.

XIX асрнинг охирларига келиб электрон эшитиш мосламалари кашф этилди. Унинг ихтирочилари Александр Белл ва Томас Эдисон. Белл электроника ёрдамида микрофон карнайча ва батареядан фойдаланиб ўз телефони товушини баландлатишга эришган. 1886 йили Томас Эдисон карнайча – овоз узатувчи мосламани кашф этиб, овозни электрон сигналга айлантирган. Кейинчалик ушбу электрон сигналли мослама ёрдамида товушнинг сим орқали узоқроққа етказилиши йўлга қўйилган. Бу ихтиролардан руҳланиб АҚШ, Германия ва бошқа ривожланган мамлакатлар компаниялари эшитиш мосламаларини ишлаб чиқаришга бел боғлашди. Биринчи бўлиб 1898 йили «Dictograph Company» компанияси эшитиш мосламаларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйди.

АҚШнинг Алабама штатилик Миллер Хатчинсон ўзининг «Akouphone» компанияси томонидан бундай мосламаларни ишлаб чиқариш учун патент олади. Мосламаларни кўплаб ишлаб чиқариш учун овоз чиқарадиган карнайча ва батареядан фойдаланилган. Ушбу эшитиш мосламаси ўша пайтлари «энг замонавий» дея таърифланган бўлса-да, бироз қўпол ва катта ҳажмда эди. Фойдаланувчи уни қўлида кўтариб юришга мажбур бўлар, бундан ташқари, нархи ҳам қиммат эди.

1920 йилга келиб эшитиш мосламасининг овозини сифатлироқ ва баландроқ қилиш имконияти яратилгани катта ютуқ сифатида эътироф этилган бўлса-да, аппарат ҳажмининг катталиги эътирозларга сабаб бўла бошлади. 1952 йили транзисторларнинг пайдо бўлиши билан эшитиш аппарати корпусини кичиклаштиришга эришилди. Бундай кенг имкониятлар мосламанинг аввалига тамаки қутиси катталигида, наушник ёрдамида қулоққа тақиб юриладиган, кейинчалик янада ихчамроқ, қулоқ устига тақиладиган турларининг ишлаб чиқарилишига туртки берди.

Умуман олганда, ХХ аср охиригача компьютер техноло­гиялари ёрдамида эшитиш мосламасининг турли моделлари яратилиб, кенг фойдалана бошланди.

Кар ва заиф эшитувчиларнинг овоз илғаш даражаси ҳар хил бўлади. Масалан, эшитиш даражаси тахминан 20–30 фоиздан юқори, мослама ёрдамида бироз бўлса ҳам ўзини таш­қи муҳит билан боғлиқ ҳолда сезса, эшитиш аппаратидан фойдаланиш тавсия этилади. Аммо эшитиш даражаси ундан паст бўлса, мослама ёрдам бермаса қандай йўл тутилади?

ХХI асрда технологиянинг жадал ривожланиши кар ва заиф эшитувчилар учун ҳам кенг қулайликлар яратмоқда. Эндиликда умуман эшитмайдиганлар ҳам эшитиш бахтига муяссар бўлиши мумкин. Бунда уларга Кохлеар имплантацияси усули ёрдам беради. Кохлеар имплантацияси бу – жарроҳлик йўли билан эшитиш қобилиятини тиклаш имкониятидир.

Илк бор 1950 йили Кохлеар имплантацияси тажриба-синовдан ўтказилди. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, эшитиш мосламаси ва Кохлеар имп­лантацияси бир-биридан фарқ қилади. Жарроҳлик амалиёти бошнинг қулоққа яқин жойида ўтказилиб, терининг ички тарафида имплант (эшитиш мосламаси) ўрнатилади. Ўша пайтлари имплант қўпол кўринишда бўлиб, бемор ундан фақат лаборатория ичида фойдаланиши мумкин эди. Чунки, ички имп­лантнинг таш­қи нутқ процессор симлари фақатгина лаборатория ичида бўлган.

Кохлеар имплантациясининг кейинги босқичдаги такомиллашуви 1957 йили Францияда муваффақиятли ўтказилган операциядан сўнг бошланди. Тизим бир каналли бўлиб фойдаланувчиларнинг товушни эшитишдан ташқари нутқни лабдан тушуниб олиши ҳам енгиллашган. 1962 йили У.Ҳаус ва Й.Урбан биринчилардан бўлиб Кохлеар имплантациясининг кўпканалли тизимини ишлаб чиқиб, синовдан ўтказишди. Бироқ у пайтлари тизимни ҳаётга татбиқ этиш учун технологияларнинг етарлича ривожланмагани ғоянинг тўлиғича амалга ошишига тўсқинлик қилган. Кўпканалли системани янада такомиллаштириш 80-йилларда Австралия, Австрия, Бельгия ва Францияда изчил давом эттирилди. Имп­лантлар саноати кашфиётчиси профессор Греем Кларк бошчилигидаги олимлар 15 йиллик илмий изланишлардан сўнг 1982 йили Кохлеар имплантациясининг кўпканалли системасининг такомиллашган усулини яратишга эришди ва ундан ҳозиргача фойдаланиб келинмоқда. Сифат ва қулайликлар эса йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.

Яқин-яқингача жарроҳлик амалиёти фақатгина ривожланган мамлакатларда амалга оширилар эди. Қувонарлиси, эндиликда бундай жарроҳлик амалиёти мамлакатимизда ҳам олиб борилмоқда. Пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида Кохлеар имплантацияси ўтказилиши учун барча шароитлар яратилган бўлиб, нафақат операция, балки унинг реабилитацияси ҳам йўлга қўйилган.

 Амалиётни эртароқ ўтказган маъқул

Кар ва заиф эшитувчи инсонлар билан учрашганимда Кохлеар имплантацияси мавзуси кўтарилса, кимдир жарроҳлик амалиётини танқид қилади, бошқалар қўллаб-қувватлайди. Танқид қилувчилар операциядан кейин айрим тақиқлар борлигини айтса, бош­қалари бундай гап-сўзлар асоссиз, дейди. Сўнгги пайтлари ижтимоий тармоқларда ҳам Кохлеар имплантацияси кенг муҳокама қилиниб, ёзма ёки видеоролик кўринишида қарши чиқишлар бўлиб турибди.

Бундай салбий фикрлар асосли ёки асоссизлигини ўрганиш мақсадида ўзим ўқиган мактаб-интернатга йўл олдим ва Кохлеар имплан­тация­си операциясини муваффақиятли ўтказган Жавоҳир исмли бола билан учрашдим. Ўша куни Жавоҳирнинг ота-онаси ҳам шу ерда экан. Уларга нима мақсадда келганимни тушунтирдим.

– Ўғлим икки ёшида эшитмай қолди, – дейди Жавоҳирнинг отаси Жамшид ака. – Ҳозир 18 ёшда, унга имплант қўйдирганимизга 1 йил бўлди. Жарроҳлик амалиёти яхши ўтди, ҳеч қандай қийинчилик туғилмади.

Жавоҳирга саволлар беришда ҳеч қандай муаммога дуч келмадим, чунки имо-ишора тили билан гаплашиш қўл келди. Имплант қўйишга нима сабаб бўлганини сўраганимда, ота-онам эшитишимни жуда хоҳлашгани учун маслаҳатлашиб операция қилдиришга қарор қилдик, дейди.

Жавоҳирнинг айтишича, операциядан кейин бир ҳафтача шифохонада шифокорлар назоратида бўлиб, кейин уйга рухсат берилибди. Бир ойдан кейин шифохонага бориб таш­қи нутқ процессорини тақтириб келибди. Бошида сал қийинроқ кечган, кейин-кейин ҳаммаси жойига тушиб, кўникиб кетибди. Ҳозирча 1-2 соат зарур пайтлари тақиб юрар экан. Суҳбат давомида Жавоҳир чўнтагидан нутқ процессорининг махсус пультини олиб кўрсатди. Бу нима экан, деб ҳайрон бўлганимни сезиб изоҳ берди. Пульт ёрдамида товушни пасайтириш ёки баландлатиш мумкин. Яна бир қизиқ томони, кўча-куйда қўл телефонида гаплашаётганда атрофдаги шовқин-суронларнинг олдини олиш учун пульт­даги «Т» тугмачасини боссангиз, фақат телефон товушидан бошқа овоз эшитилмайди.

Хулосалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, аслида Кохлеар имплантацияси жарроҳлик амалиётини ёшликда амалга оширган яхшироқ. Операция қанчалик эрта ўтказилса боланинг эшитиш қобилия­ти ҳам шунчалик ривожланиб бораверади.

Инсонлар учун товушларни асл ҳолича тинглаш катта бахт. Кар ва заиф эшитувчилар эса ҳозирча Кохлеар импланта­цияси ёрдамидагина ана шундай бахтга муяссар бўлиши мумкин. Ким билади дейсиз, илм-фан, техника-технологиянинг шиддат билан ривожланиши бундай инсонларга яқин келажакда жарроҳлик амалиётисиз ҳам эшитиш имконини яратар.

Author: mamur

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan