Субтитр – имконияти чекланганга кўмак!

(Ma’rifat 2011.28.05. №43 (8380)

Ҳар бир инсон бахтли ҳаёт кечиришни истайди. Аммо ҳаётда жисмоний нуқсон билан туғилган ва имконияти чекланган кишилар ҳам мавжуд бўлиб, улар ўзгалар эътибори ва ғамхўрлигига муҳтождир. Шуни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда турли йўналишдаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, кар ва соқовлар учун ҳам махсус мактаб-интернатлар барпо этилган. Бундай болаларга таълим-тарбия бериш осон иш бўлмаса-да, педагоглар уларни худди ўз фарзандидай қабул қилиб, меҳр билан парваришлайдилар. Бу эса уларнинг жамиятнинг фаол аъзосига айланишига ёрдам бермоқда.

Дунё тажрибасида кар ва соқовлар учун қандай қулайликлар мавжуд ва уларнинг муомала-муносабат жараёнига фаол киришиши учун яна қандай имкониятлар яратилиши зарур?

 Уяли алоқа воситасининг ёрдами

Бугунги кунда қўл телефонини кар ва соқов болаларнинг кўпчилигида учратиш мумкин. Аксарият одамлар бу ҳолни кўриб, ҳайрон бўлади. Улар эшитмаса ёки гапира олишмаса ҳам, муаммосиз SMS ёрдамида алоқа қилиши мумкин. Қўл телефонини чўнтагингизга солиб юрсангиз, SMS келиши биланоқ вибратори (сезувчанлиги) ёрдамида сезилади ва уни муаммосиз очиб, ўқийсиз. Бу кар ва заиф эшитувчи одамнинг ҳам узоғини яқин қилиш билан бирга турли муаммоларини ҳал қилиш учун қулай ҳисобланади.

Улар телевизор кўради, лекин тушунадими?

Телевизор қаршисида ўтириб, айрим каналларда намо­йиш қилинаётган кинофильм ва кўрсатувларда субтитрни учратиш мумкин. Бироқ кўпчилик соғлом кишилар субтитр нима учун ёки кимларга кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Яқинда сунъий йўлдош орқали эфирга узатиладиган «Forum TV» каналида ўзбек кинофильмида инглиз тилида ёзилган субтитрга кўзим тушди. Аввалига фильмларда субтитрларнинг инглиз тилида берилишини бу тилни ўрганувчилар учун фойдали бўлса керак, деб ўйладим. Бироқ кейинроқ ўзбек кинофильмини кўраётган томошабин инглиззабон киши бўлиши мумкинлиги хаёлимдан ўтди.

Субтитр – бу экранда гапираётган инсонларнинг сўзлари матни телевизор экрани четида ёзиб борилишидир.

Сурдо таржимасини билсангиз керак, лекин субтитр сурдо таржимасидан анча фарқ қилади. Сурдо таржимасида таржимон тез гапирилаётган янгиликларни қисқартириб имо-ишоралар билан тушунтиради. Бу эса кар ва соқовларнинг сўзларни ва уларнинг ёзилишини тўлиқ тушунишига имкон бермайди. Баъзан экраннинг пастки бурчагида сурдо таржимони жуда кичик қилиб акс эттирилади, бу эса кекса кар ва соқов инсонлар учун муаммо туғдириши табиий. Субтитр эса одам миясида сўзларнинг яхши муҳрланиши ва тез ўқишни ўрганишини таъминлайди.

Ҳозирги вақтда юртимизда 23 мингга яқин кар ва соқов киши истиқомат қилади. Уларнинг таълим олиши ва сўзларни ёдда сақлаши соғ­лом одамникига қараганда бироз суст бўлиши тайин. Бундай кишилар баъзан муайян сўзни базўр ёдласа, эртаси куни яна эсдан чиқариши мумкин. Чунки улар гапни фақат оғиздан ўқиб ва ёзувда кўриб, ёдлашади. Шунинг учун бундай кишилар ҳар хил кўрсатув ва киноларни субтитр орқали кўриб, тушуниб олиши фойдадан холи бўлмайди.

Ҳозирча юртимиз телевидениесининг фақат «Спорт» телеканалида янгиликлар телевизор экранининг пастки жойида ёзиб кўрсатилади. Бу кунлик янгиликлардан хабардор бўлиш учун жуда қулай.

Шунингдек, айрим кўрсатувларда экраннинг пастки қисмида лотин алифбосидаги ўзбекча субтитр­даги хабарларни учратишингиз мумкин. Ушбу субтитрлар юртимиз телеканалларининг барчасида берилса, барча кар ва соқовлар учун имкониятлар янада ошарди.

Самолётда зерикмадим

Яқинда дўстимнинг таклифига биноан чет элда саёҳатда бўлдим. Билет олиш учун Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпаниясига мурожаат қилиб, адашмабман. Ҳеч қанақа муаммосиз манзилга етиб бордим. Самолёт салонида ҳам зерикмадим, чунки салон экранида берилган киноларнинг барчаси субтитр билан кўрсатилди.

Дунё тажрибасида кар ва соқовлар учун қулайликлар

 

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида кўрсатув ёки киноларнинг барчаси субтитр орқали ҳам бериб борилади. Ўқиш қулай бўлиши учун экран тагида махсус қора фон бўлиб, ичига оддий оқ шрифт­ли матн ёзилади. Агар бунга эҳтиёж сезилмаса, пультдаги махсус тугмачани босиб, субтитрсиз ҳам томоша қилишингиз мумкин.

Кар ва соқовларга уяли алоқадан ташқари суҳбатлашиш учун бошқа имкониятлар ҳам яратилган. Мисол учун уларнинг хонадонидаги телевизор устига махсус камера ўрнатилган. Бирор танишингиз (агар у кар бўлса) билан алоқа қилмоқчи бўлсангиз, ҳеч қанақа муаммо туғилмайди. Пульт ёрдамида контактлар рўйхатини (худди қўл телефони каби) танлаб олиб, алоқага кирасиз ва қийинчиликсиз бир-бирингизни кўриб, мимика орқали алоқа қилишингиз мумкин. Агар сиз бирон ташкилот ёки касалхонага мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, пультдаги махсус тугмачани босиб, телефон рақамини териб оласиз ва махсус таржимон орқали алоқа қилишингиз мумкин.

Ўзбекистон мустақил давлат бўлганига эндигина 20 йил бўлаяпти ва йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Ишончим комилки, яқин йилларда юртимизда ҳам ногиронлар учун ана шундай қулай ва зарурий шароитлар яратилади.

Author: mamur

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan